Ўзбекистон Президенти Самарқанд вилоятида бўлди
“Халқ сўзи” газетасининг маълум қилишича, давлатимиз раҳбари дастлаб Ҳазрати Хизр мажмуига ташриф буюриб, Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди.
Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Самарқанд ёшлар марказида вилоят сайловчилари билан учрашди.
Учрашув якунлангач, Президентимиз Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш жараёнлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 апрель куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида янги лойиҳа асосида мазкур мажмуани қайта қуриш ишлари бошланган эди. Президентимиз қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, бу ерда маҳаллий ва хорижлик зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Шарқ тонги маҳалласида бўлди. У ерда қарийб 3 минг аҳоли истиқомат қилади. Оилалар, асосан, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланади.
Давлатимиз раҳбари шу маҳаллада яшовчи Абдунаби Абдунасимов хонадонига кириб, яшаш шароитлари, фикрлари билан қизиқди.
Абдунаби ота соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаб, нафақага чиққан. Турмуш ўртоғи Гулчеҳра ая билан беш фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Айни пайтда фарзандлари, набира ва эваралари эъзозида яшамоқда.
Меҳнат фахрийлари оила ҳаёти, кечаги ва бугунги кунлар фарқи ҳақида сўзлаб берди.
- Илгари давлат, жамият, инсон деган тамойил бор эди. Биз энди инсон, жамият, давлат деяпмиз. Инсон қадрини биринчи ўринга қўяяпмиз. Ҳамма ижро органлари, иқтисодий комплекс қуйи тизимга тушиб, одамларга кўмакчи бўлади. Шу билан бирга, инсоннинг ўзи ҳам ҳаракат қилиши, шароитлардан унумли фойдаланиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Хонадондан чиққанда нуронийлар, маҳалла фаоллари билан самимий суҳбат бўлди. Улар мамлакатимиздаги, иқтисодиёт тармоқларидаги ўзгаришлар ҳар бир шаҳар ва туманда сезилаётгани ҳақида гапирди.
- Охирги йиллардаги ҳаракатларимиз туфайли ҳокимликларда маҳаллий бюджет пайдо булди. Бу йўқ эди, - деди Президент. - Энди маҳаллаларда бюджет ташкил килишни режалаштирганмиз. Тасаввур қилинглар, ўзининг пули бўлса, маҳалла қандай ўзгаради - йўлини тўғрилайди, сув олиб келади, шаҳобча очади. Келгусида маҳаллага пул ҳам киради, талаб ҳам бошқача бўлади.
Нуронийлар юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуо қилди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи якунига етди.