Мамлакатимизда МДҲ сайловларни кузатиш миссияси ўз фаолиятини бошлади
ТОШКЕНТ, 29 сентября. /ИА «Дунё»/. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) таклифига биноан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Леонид Анфимов бошчилигида МДҲ сайловларни кузатиш миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилари мамлакатимизга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
МСК матбуот хизмати маълумотига кўра, бугун Марказий сайлов комиссиясида Кузатувчилар миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
МСК раиси Зайниддин Низамходжаев меҳмонларни сайлов кампанияси билан таништириб, сайлов Ўзбекистон Конституцияси ҳамда Сайлов кодексига мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказилаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, айни дамда Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқот жараёни бошлангани, сайловолди ташвиқотини олиб бориш ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратилганлиги қайд этилди.
Учрашувда таъкидланганидек, МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида миссиянинг штаби иш бошлайди.
Миссия ўз фаолияти давомида сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни тўплаш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва телевизион дастурлар ҳамда босма оммавий ахборот воситаларида чиқаётган сайловга оид материалларни мониторинг қилиш, номзодларнинг сайлов штабларида учрашувлар ўтказиш билан шуғулланади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Марказий сайлов комиссияси шу кунга қадар 112 нафар халқаро кузатувчини рўйхатдан ўтказди.
Учрашувдан сўнг Леонид Анфимов оммавий ахборот воситалари вакилларига миссия фаолияти юзасидан мурожаат қилди.
Ташриф доирасида делегация аъзоларининг қатор вазирлик ва идораларда учрашувлари режалаштирилган.