Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва Жаҳон банки вице-президенти 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва Жаҳон банки вице-президенти 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди
ТОШКЕНТ, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада чуқурлаштиришнинг истиқболлари юзасидан музокаралар олиб борди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, Жаҳон банкининг Ўзбекистон билан 2016-2021 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини амалга ошириш натижалари кўриб чиқилди. Дастурни ижро этиш чоғида Жаҳон банки томонидан молиялаштириш учун устувор лойиҳаларни танлаш борасида Ўзбекистон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда конструктив мулоқот йўлга қўйилганлиги таъкидланди.
A.Бьерде COVID-19 пандемиясининг салбий таъсирига қарамасдан, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллигини ва эришилган ижобий макроиқтисодий кўрсаткичларини таъкидлади. Банк раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш агентлигини ташкил этиш ташаббусини юқори баҳолаб, унга техник ёрдам кўрсатиш ва Жаҳон банки экспертларининг Агентлик жамоаси билан бевосита ҳамкорлигини ташкил этишни назарда тутиб, ислоҳотлар дастурини амалга оширишда яқин ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
Жаҳон банкининг Ўзбекистон билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Унга асос сифатида давлат корхоналари ва банклари, молия сектори, энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги ва транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш, шунингдек, хусусий сектор ва кичик бизнесни ривожлантириш ислоҳотлари каби мамлакатни ислоҳ қилиш дастурининг устувор йўналишлари олинади.
Ўзбекистонда яратилган экспортни қўллаб-қувватлаш тизимини таҳлил этиш, уни илгари суриш стратегиясини ишлаб чиқиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришга, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланишининг асосий драйверларини аниқлаш бўйича янги ёндашув ва услубларини ишлаб чиқиш мақсадида ҳудудларни ривожланиш салоҳиятини ўрганишга келишилди.
Шунингдек, Жаҳон банки раҳбарияти томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, статистика тизимини модернизация қилиш ва молия секторини ривожлантиришга қаратилган 4 та янги лойиҳани маъқуллаш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар борасида келишиб олинди.
Кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш ҳамда қамбағалликни қисқартиришни назарда тутган ҳолда Жаҳон банкининг Ўзбекистонда ташкил этилган Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси фаолиятида иштирок этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар келишилган лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш юзасидан келгусидаги амалий ҳамкорлик қилиш йўлларини белгилаб олди.