Ҳалқимизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишловчи бебаҳо мерос
Барча ислоҳот ва туб ўзгаришлар ташаббускори Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик”, деган сўзлари мамлакатимиз истиқболи қандай бўлишини башорат қилмоқда.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 5-йўналиши — “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш”нинг асосий мақсадларидан бири, бу буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган. Шу маънода, бугун Алишер Навоийнинг инсон қадрини улуғлаш, давлат ҳокимияти органлари бошқарувини маънавий қадриятлар асосида олиб боришга оид бой илмий меросини чуқур ўрганиш, уни халқимиз ўртасида кенг тарғиб этиш долзарб вазифалардан биридир.
2021 йил 27 декабрда Президент Шавкат Мирзиёев ёшларимизга ҳазрат Навоий ижодини чуқур ўргатишни тизимли йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидларкан, Алишер Навоий асарларининг бугунги ёшлар тушунадиган ихчам намуналарини яратиб, турли мобиль илова ва электрон дастурлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйган эди.
Президентимиз 2021 йил 17 августда матбуотга берган интервьюсида “Янги Ўзбекистонни барпо этиш — яқин ва олис тарихимиз, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни янада чуқур ўрганиб, уларга таяниб, мустақил миллий тараққиёт йўлимизни янги босқичда давом эттириш демакдир”, деган ғояни илгари суриши, албатта, бежиз эмас.
Ҳозирги Ренессанс пойдеворини қуриш жараёнида XV асрда нафақат илмий-ижодий фаолиятда маънавий қадриятларга оид ноёб фикрлар билдирган, балки ўз шахсий ҳаёти маънавий идеалдан иборат бўлган, миллий ифтихоримиз — Алишер Навоий меросига бот-бот мурожаат қилишга зарурат туғилмоқда. Унинг давлат бошқарувини адолат принциплари ва маънавият мезонлари асосида йўлга қўйишга оид меросини ўрганиш, улардан ҳозирги даврдаги ислоҳотлар жараёнида кенг фойдаланиш — янги Ўзбекистонни қуриш концепциясини янада бойитади, унда белгиланган инсон қадрини улуғлаш ва адолат принципларига оид мақсад-вазифаларни амалга ошириш жараёнлари жозибасини кучайтиради.
Алишер Навоийнинг халқ учун яшаш, элга саховат қилиш, хизмат кўрсатиш, мазлумлар дардини билиш ва уларни ҳимоя этиш каби маънавий қадриятларга оид мулоҳазалари, фикрлари, насиҳатларини жо қилган мероси жуда бой бўлиб, уларни ҳали тўлиқ даражада ўргана олганимиз йўқ. Изланишлар кўрсатадики, у нафақат буюк шоир сифатида, балки улуғ давлат арбоби, адолатли ва фозил жамият ислоҳотчиси сифатида ҳам ўзини намоён этган эди. Лекин ҳозирги кунга қадар унинг сиёсий арбоб ва ислоҳотчи сифатидаги фаолияти тўлиқ ўрганилган эмас.
Агар тарихий далилларга мурожаат қилсак, ҳазрат Навоийнинг шоҳ олдидаги ва салтанатдаги мақоми юксак бўлганига гувоҳ бўламиз. Ҳусайн Бойқаро саройида унга Алишер Навоий каби кучли таъсир қила оладиган бирор шахс бўлмаган.
Кўпчилик адабиётларда Алишер Навоийнинг Астрободга ҳокимлик мансабига тайинланиши “уни саройдан узоқлаштириш эди” қабилида баҳоланади. Лекин баъзи тарихий манбаларни ўрганиш унинг аксини кўрсатади: Алишер Навоийни Астрободга ҳоким қилишдан мақсад — ўша пайтларда давлат чегараларида янги қудратли кучларнинг пайдо бўлиши, уларнинг мамлакатга ҳужумлар қилиш хавфининг мавжудлиги, бу таҳдидлардан Алишер Навоийнинг обрўси ва нуфузидан фойдаланиш асносида ҳимояланиш эканлиги ойдинлашади.
Шоҳ Ҳусайн Бойқаро 1487 йилда ҳозирги Озарбайжон ҳудудини эгаллаган Оқ қўюнлилар ҳукмдори Яъқуб бекка ёзган мактубида Алишер Навоийни Астрободга ҳоким мансабига тайинлаганининг асл сабаби, шу билан бирга, унинг давлат салтанатидаги юксак сиёсий мақомини ниҳоятда самимий тарзда тавсифлаб берган. Мазкур мактубдан парча келтирамиз:
Астрободга ҳоким бўладиган инсон “...камоли ақидату ихлос ва ниҳоятда яқинлигу махсуслик билан бирга, яна баланд ҳимматлилик безагида барчадан кўркам ва шуҳрату давлатмандликда барчадан юқори бўлсин. Алҳақ, бу саодатли сифатларни ўзида жамлаган киши — пойдор давлатимизнинг сирларига маҳрам, осмон қадрли боргоҳимиз хилватгоҳида (бизга) ҳамнишин, салтанатимиз устуни, мамлакатимиз таянчи, султон ҳазратларининг ишончлиси ва хоқонликнинг кифти Низомуддин Алишердир. Ҳар қалай, у кишининг париштадек хислатлари (сизнинг) хушбахт хотирингизга махфий бўлмаса керак. Мисраъ, агар сенга у ёр бўлмаса, бошқа ким бўлади! Бу (бизнинг) давлатнинг ёруғ нури ва ҳашамат тонгининг ёрқин шуъласи ферузаранг уфқдан болқиган (онлар)дан бери у (зот)нинг жаннатмонанд суҳбатидан бир лаҳза ҳам бош тортилган эмас ва тортилмайди. Аммо юқорида зикр қилинган улуғлар қоидасига биноан, у тарафларнинг ҳукуматини тамоман мазкур амир (Алишер)нинг тасарруф панжаси иҳотасига киритиб, муқаррар қилдикки, у киши дўстлик ва ҳамжиҳатлик силсиласини кун сайин ҳаракатга келтириб, бирдамлик ва иттифоқлик омилларини тараққий эттирсин. ...Мазкур (амир) ҳар ниманики ўз уҳдасига олишни лозим топса, дину давлатнинг тўғри тадбири ва мулку миллатнинг ривожи бутунлай ана шунда эканлигига сира шубҳа йўқдир. Унинг пок хотирига нимаики келса ва уни амалга оширса, (бизнинг) офтобдек нурли замиримиз олдида айни савоб ва эзгуликнинг ўзгинасидир”.
Айтиш жоизки, Ҳусайн Бойқаро соҳибқирон Амир Темур ва Шоҳруҳ Мирзодан кейинги энг қудратли ҳукмдор бўлиб, у Алишер Навоийдан бошқа мансабдор ёки ҳатто темурийларга мансуб давлат арбобларидан бирортасини бу қадар самимий ва улуғвор тарзда тавсифламаган, бу ҳақда бошқа далилий ҳужжат учрамайди. Кўриниб турибдики, Алишер Навоий ўз даврининг машҳур, ҳар томонлама тан олинган, ҳатто қўшни мамлакатлар давлат арконлари ҳам эътироф этган буюк бир инсон бўлган.
Алишер Навоий Астрободга ҳокимлик даврида мамлакат сарҳадларида Ҳусайн Бойқаро салтанатига хавф солиб турган барча сиёсий кучлар таҳдиди бутунлай тўхтайди. Улар билан дўстона алоқалар ўрнатилади. Бу ҳолатни Хондамирнинг қуйидаги битикларидан билиш мумкин: “Мозандарон, Рустамдор ва ўилон вилоятларининг ҳокимлари ул жанобнинг Астрободга ҳоким этиб тайинлангани хабарини эшитиб, итоат гарданларини унинг елкасига қўйиб, Астрободга мактуб билан элчилар орқали муносиб туҳфа ва ҳадялар юбориб, ўзларининг ихлос жавоҳирларини арз тавоғига қўйдилар. Астробод ул ҳашаматли амирнинг иззатли маснади бўлган ўша кунлари олий даражали подшоҳ, адолатпаноҳ Султон Яъқуб мирзо бир неча бор сўзамол ва ишончли одамларни фахрли чопонлар ва мўл-кўл тансиқ моллар, иноятли ва марҳамат уйғотувчи мактублар билан юбориб, муҳаббат ва дўстликни камолотига етказди”.
Алишер Навоийнинг ўзи нафақат ғазал мулкининг султони, балки маънавий оламнинг гултожи, комил инсон сифатида ҳам эътироф этилиши табиий ҳолдир. У давлатни бошқаришни адолат ва эзгу қадриятлар асосида амалга ошириш ташаббускори ва ислоҳотчиси бўлишидан ташқари, “маънавият” тушунчасини илк бор таърифлаб берган мутафаккирдир.
Алишер Навоий “маънавият” тушунчасини “маъни”, маънавият соҳибларини “аҳли маъни” деб атайди. Бу каби тушунча эҳтимол яна кимнингдир асарида учраши мумкин, лекин “аҳли маъни” атамасини туркий халқлар оламига ёйган, давлатни бошқаришда қўллаган, амалий ҳаётда синовлардан ўтказган мутафаккир бу — Алишер Навоийдир. У инсониятни “аҳли маъни” ва “аҳли суврат”дан иборат, деб кўрсатади. “Аҳли суврат” — бу тоифага мансуб кишилар инсоний муносабатларнинг фақат шаклу тамойилига муҳим эътибор беради. Уларга виқорли бўлиш, кибрланиш, зебу зийнатга берилиш, ўзгаларга зулм ўтказишдан ҳузурланиш мансуб. Улар гўёки:
Тўнни зарбофт айлабон ҳиффатдин учқон ҳар тараф.
Йўқ ажаб гар бор эса дунё матои ком анга.
“Суврат аҳли” учун дунёни қалбан англаш, эзгулик ҳис-туйғулари бутунлай ёт. Улар инсоний муносабатларнинг фақат ташқи кўринишларини тан олади, моҳият ва мазмунга кириб бора олмайди. Уларнинг асосий хусусиятларидан бири — тақлидчиликдир. Бу тоифадаги кишилар кучлилар олдида қул, ожизлар устидан зулмкор. Улар шариатга амал қилмаслиги ва маслаксизлиги туфайли фақат бугунги кун ҳузур-ҳаловати билан яшайди, бу билан ҳақиқий дунёсини қуйдиради. “Суврат аҳли” диний амалларни ҳам фақат қўрқув ва у дунёдаги моддий лаззатланиш илинжида бажаради.
“Аҳли маъни” — юксак тафаккур соҳиблари. Уларнинг маъни аҳли эканлиги шундаки, бу тоифа инсонлар учун ақл-идрокли бўлиш, турли инсоний муносабатларнинг моҳият ва мазмунини англаш хосдир. Бу каби инсонлар ўз эҳтиёж ва манфаатларини ўзгаларники билан уйғунлашган ҳолда идрок этади. Жамият ва халқ учун хизмат қилиш, яшашдан лаззатланади. Улар ўзларининг ҳар бир хатти-ҳаракати ва рўй бериши мумкин бўлган воқеликнинг оқибатини ўйлаб иш тутади, бу дунёнинг ўткинчи эканлигини чуқур ҳис қилади.
Алишер Навоийнинг талқинича, “аҳли маъни” Яратганнинг ато этган тафаккур фазилатлари воситасида дунёни англашга, бу йўлда илм-фанни эгаллашга ва маърифатли бўлишга интилади. Уларнинг бош мақсади — Ҳаққа, ҳақиқатга етишиш. Бу тоифа эркин, довюрак, ҳақиқатпарвар, бурч ва масъулиятни ҳис этувчи, камтар, куч ва тазйиқ ишлатишдан холи, халқ ва дин учун фидойи, имонли, ҳаёли, ўзга инсонлар учун ҳамдард, зулмга қарши бора оладиган, адолат олдида ҳар қандай бойлик, иззат-нафс ва манфаатлардан воз кеча биладиган инсонлардир. Шу боис буюк аждодимиз уларни қуйидагича шарафлайди:
Аҳли маъни гуруҳида зинҳор,
Ҳеч ор айлама гадолиғдин.
Ким буларға гадолиғ ортиқдур,
Аҳли суратқа подшолиғдин.
Кўриниб турибдики, “аҳли маъни”га мансуб бўлиш, яъни юксак маънавият соҳиби бўлиш инсоннинг энг олий орзуси, фозил жамиятнинг белгисидир. Алишер Навоийнинг бу талқинини англаган, чуқур ҳис этган ҳар бир киши учун маънавият — бу инсон мазмуни ва моҳиятидир. Жаҳонда инсониятнинг жамият сифатида яшашини таъминловчи қудратли тутқилар ҳам, инсоний ривожланиш ёки умуман, цивилизацияга эришув, уни барқарор ушлаб туриш ҳамда янада такомиллаштирувчи беқиёс куч ҳам маънавиятдир.
Маънавий бойлик чегара билмайди, миллат танламайди, у қайси мамлакат ёки жамиятда бўлмасин, бу ўша жойдаги “аҳли маъни” мулкидир. Умуминсоний қадриятлар қайси ҳудудда эгалланса, ўша жойда маънавиятнинг униб-ўсиши учун муҳит ва шарт-шароитлар туғилади.
Албатта, мустақил фикрли инсонгина дунёни англашга, ақл-идрокини такомиллаштиришга эҳтиёж сезади, билимларни механик тарзда ўзлаштирмайди ёки қуруқдан-қуруқ ёдламайди. Бундай инсонларга ўзга кишилар олдида (уларнинг кимлигидан қатъи назар) сажда қилиш ёки мутелик руҳияти бутунлай ётдир. Улар ўз иш фаолиятларида, меҳнатда ҳам ижодкор, ташаббускор, яратувчидир. Ўз фикрига эга бўлмаган кишилар меҳнати эса баҳолу қудрат, фақат мажбурият ва қўрқув асосида амалга ошади, улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар нархи ҳам баланд бўлмайди.
Агар халқнинг сиёсий тушунча эканига эътибор берсак, Алишер Навоий халқни улуғлаганида уни бошқараётган давлат ва мансабдорлардан ўз иш фаолиятларида адолат принциплари ва маънавий қадриятларга амал қилишни талаб этади. Бунга терс мансабдорлар ўз охиратларини куйдиришини башорат қилади. У нафақат сарой арконлари ва ҳокимлар, балки ҳар қандай инсонни бошқалар ғами билан яшашига даъват этади:
Одамий эрсанг демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами.
Алишер Навоий давлатни бошқариш жараёнининг ўзини ҳам муайян бир маънавий ҳодиса сифатида қабул қилиб, бу жараён маънавий талабларга асосланмаса тамагирлик, порахўрлик авж олишини, давлат таназзулга учрашини таъкидлайди. Бу каби нохушликларни келтириб чиқарувчи сабаб сифатида нафсни кўрсатади: “Нафснинг юзи малакникига ўхшаса ҳам, ўзи яширин; унда дев билан шайтон иккаласи бирлашиб, жуфт бўлган. Иккаласи жуфт бўлиб қўя қолмасдан, ҳар нафасда ўзларидақаларнинг юзтасини туғдириб олади. ...Диндан фақат нафсгина чиқариши мумкин”.
Алишер Навоий 1472 йилда Ҳусайн Бойқаро фармони билан Бош вазир (Амири кабир) лавозимига тайинланганидан кейин мамлакатда авж олган тамагирлик, ўзбошимчалик, ҳокимиятни суиистеъмол қилишнинг бошқа турли кўринишларига қарши астойдил курашди. Давлат бошқарувини шариат доирасида ва адолат принциплари асосида бошқариш амалиётини ўрнатишга интилди. Бу даврда давлатчилик, адабиёт ва санъат гуллаб-яшнади. У бош вазирлик мансабини топширганидан кейин ҳам давлат бошқарувидаги ўрни ва мақоми деярли ўзгармади. Турли машваратларда деярли шоҳнинг ёнида ўтирар, муаммолар ва уларнинг ечимларига оид кўплаб масалаларни муҳокамага ташлар эди. Фақат Алишер Навоийга ҳал бўлмаган бир масалани шоҳ олдида тўққиз мартагача қайта-қайта кўтариш ҳуқуқи берилганди.
Алишер Навоийнинг тенги йўқ фозил, маънан пок, комил инсон эканини унинг халққа, мискинларга улашган хайриялари, мамлакат ободлиги учун ўз ёнидан сарфлаган маблағлари миқёсидан ҳам билиш мумкин. У камхарж, тежамкор, турли ҳукмдор ва шаҳзодалар томонидан берилган катта мулкка эга, унинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳруҳийга тенг экани тўғрисида маълумотлар мавжуд. Ҳазрат Навоийнинг замондоши Исфизарий гувоҳлик берганидек, ўша даврда Хуросонда арзончилик бўлганига эътибор қаратилса, бу маблағнинг катта миқдорда эканлиги аён бўлади.
Лекин Алишер Навоий ўз шахсий маблағларини қурилишга, ободончиликка, ҳомийликка сарфлаб, ўзи камтарона тарзда ҳаёт кечирди. Муаррих Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарида кўрсатилишича, у орттирган мулкидан ташқари отасидан мерос бўлиб қолган ер-сув, мол-мулкдан ҳам катта даромадлар оларди.
Тарихчи Хондамирнинг қайд этишича, Алишер Навоий ўзининг шахсий маблағи ҳисобига 52 та работ, 19 та ҳовуз, 16 та кўприк, 9 та ҳаммом ва ўнлаб иморат ва иншоотлар қурдирган. Мисол учун, Астробод шаҳридаги Мир саройи, Жоме масжидини, Марв шаҳридаги Хисравия мадрасасини келтириш мумкин. Шунингдек, Хондамирнинг “Хулосатул-ахбор” асарида келтирилишича, XII асрда Ҳиротда бунёд этилган, лекин ишдан чиққан Жоме масжидини таъмирлашда бирваракайига 100 га яқин усталар ишлаган. Бу масжиднинг узунлиги 114 метр, эни 84 метр, 6 та дарвозаси бўлиб, у қисқа фурсат ичида муҳташам бинога айланади. Мазкур масжид шу кунларда ҳам Ҳиротнинг хушманзара жойларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳазрат Навоий кўрсатмаси билан Ҳирот, Машҳад, Марв каби шаҳарларда харобага айланаёзган Гавҳаршод масжиди, Қобус минораси, Арслон-жозиба работи каби 12 та йирик иморат таъмирланган.
Алишер Навоий Хуросон ва унинг атрофидаги ҳудудлар ниҳоятда сиёсийлашган бир даврда яшади. Унинг руҳиятига нафақат ташқи душманлар, балки давлат ичидаги сиёсий зиддиятлар, ўзаро урушлар ва улар натижасида халқнинг аҳволи ёмонлашиб бораётгани кучли таъсир қилди. Шу боис у нафақат инсон қадр-қимматини улуғлаб ашъор битди, балки урушлар гирдобидаги ҳукмдорларни инсофга келтириш, мамлакатда осуда ҳаёт бўлишига эришиш, барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатишга даъват қиладиган асарлар ёзди. Шунингдек, унинг шахсий ҳаёти ҳам сиёсатнинг зиддиятли ва қайноқ муҳитида кечди.
Алишер Навоий давлатдаги муҳрдорлик, бош вазирлик, ҳокимлик каби расмий мансаблардан воз кечиши сабабларидан бири — бу кўпроқ ижод истаги бўлса, иккинчиси — у қандай мансабни эгаллаганидан қатъи назар, давлат сиёсатида шоҳдан кейинги шахс мақомида эди. Ҳусайн Бойқаро қачон урушга отланса, Ҳиротга Алишер Навоийни бошлиқ мансабига тайинларди. Чунки ҳазрат Навоий Ҳусайн Бойқаронинг мактабдош дўсти, шу билан бирга, ҳаётдаги энг яқин маслаҳатгўйи эди.
Алишер Навоийнинг улкан сиёсий мақоми ҳақида ўша даврда мусулмон оламида машҳур бўлган мутафаккир Хўжа Аҳрорнинг унга ёзган мактублари ҳам шоҳидлик беради. Хўжа Аҳрор Ҳиротга уч кишига — Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомийга 128 та дастхат мактуби йўллаган. Табиийки, уларнинг барчасига жавоб мактублари ҳам олган. Хўжа Аҳрор ўз мактубларидан бирида Алишер Навоийга қуйидаги дил изҳорини баён қилади: “Сиз билан мулоқот шарафига муяссар бўлиш орзуси бу фақирда жуда бисёрдир...”
Алишер Навоий амирлик мансабидан кетишга ҳаракат қилаётган пайтда бундан ташвишга тушган Хўжа Аҳрор унга қуйидаги илтимос билан мурожаат этади: “Эшитишимизча, баъзи бир воқеалар ва ҳодисалар сабабли онҳазратнинг мулозаматида бўлишдан Сиз жаноблари малоллик чекаётган эмишсиз. Илтимос шуки, мусулмонларга ёрдам кўрсатиш учун хотири шарифингизни саройда мулозамат қилиш томон қаратсангиз. ...Ҳеч ким мусулмонлар ғамини емай қўйган бир вақтда улар ҳақида қайғуриш энг хайрли ишларда кўринади”. Ҳатто, Хўжа Аҳрор хаста бўлиб қолганида, Алишер Навоий унинг илтимоси билан Ҳиротдан машҳур бир табибни юборади. Тарихий далиллардан кўриниб турибдики, Алишер Навоийнинг давлат салтанатидаги ўрни беқиёс даражада юқори бўлган.
Буюк шоир ўз сиёсий мавқеидан фойдаланиб, сарой арконлари, ҳокимлар ва бошқа мансабдорлардан шариат ҳамда адолат қоидалари асосида фаолият юритишни доимий равишда талаб қилиб турар, давлат бошқарувининг моҳияти ва мақсадлари ҳақида панду насиҳатларини аямасди. Бу унинг давлат бошқаруви соҳасида ҳам ўз даврининг тенги йўқ билимдони ва мутафаккири эканини англатади. У ҳатто шаҳзода Бадиуззамон, Марв ҳокими Муҳсинбек ва бошқаларни ўз панд-насиҳатлари билан тўғри йўлга солган. Оталарига қайсарлик қилган шаҳзодалар фақат ҳазрат Навоий ўгитларига қулоқ тутарди.
Алишер Навоий мамлакат сиёсий бирлигини сақлаш мақсадларида шаҳзода Бадиуззамонга алоҳида мактублар ёзади, шунингдек, “Ҳайрат ул-аброр” достонининг йигирманчи мақолатида тўғридан-тўғри унга мурожаат қилади. Унда давлат бошқарувини адолат принциплари, шариат ва маънавий қадриятлар асосида, “халқ ғами”га дардкашлик руҳида олиб бориш йўл-йўриқлари баён қилинади:
“Шоҳ ишини адолат билан юргизса, адолат унинг вайрона мамлакатини ҳам обод қилиб юборади”; “Мазлумнинг шикоят сўзлари ҳар қанча чўзилса ҳам узоқ умр кўришни истасанг, малол келмасдан эшит. Адолат истовчи зулм ўтидан фиғон қилса, адолатнинг соясидан унга паноҳ бер. У сояда уни қайғуда қўйма, шамнинг тагини унга қоронғи қилма. Мазлумнинг сўзи тўғри бўлиб чиқдими, энди золим ўзингга тегишли одам бўлса ҳам, юзига борма. Унинг нафси давомли айшни истадими, демак, у сенга гуноҳ орттириб, ўз мақсадини ҳосил этмоқчи бўлган”; “Лутфу карам қанча ёқимли бўлмасин, қаҳру сиёсатнинг ҳам ўз ўрни бор. Оламдаги ҳамма одам бирдай яхши эмас, ҳар кимнинг ҳамма иши маъқул бўла бермайди. Яхши билан ёмонга баробар яхшилик қилиш ёмонга кўп, яхшига кам яхшилик қилиш демакдир”; “Хаёлингга яхши бир буйруқ келса, уни маслаҳатсиз амалга оширишга ошиқма. ...Ўз фикрингга кўп ишона берма. Ишончли кишилар фикридан фойдалан”; “Яна улким, тонгла сабоҳ ҳарамдан чиққач, девонда ўтирилиб арзи шикоят тингланса, агар бир мазлумга бировдан зулм ўтган бўлса, золимга шундоқ сиёсат қилинсаки, ўзга золимларга ўрнак бўлса”; “Яна бир сўз шулким, шаҳар ҳисоб-китоби ишларига яхши эътибор қаратилса. Шаробхона, фаҳшхона, қиморхона каби ношаръий ишлар бутунлай тақиқланса. Муҳтасиблар ҳафтада икки марта бозор аҳлининг нархларини текшириб туришса”; “Яна улким, девон бекларига ҳукм қилинсаки, бир кун девонда ўтириб, мусулмонлар ишини барпо қилсалар, бугунги ишни эртага қўймасалар”; “Яна бир сўз шуки, беклар ва девон ходимларига, шунингдек, парвоначи ва муҳрдор ва муншийга буюрилсаким, тама умидида мусулмонларнинг ишини кечиктирмасалар. Шаръий ва қавлий арзномани бир тўртбурчак муҳр билан топширилган куниёқ битказиб берсалар. Каттароқ арзномаларни ҳам ҳукмдан қўрқиб, тезроқ битказсалар”.
Бу каби давлат бошқарувига оид панд-насиҳатлар ва даъватлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Агар жаҳондаги бошқа бошқарув илми қоидалари ва қонуниятлари билан қиёсланса, Алишер Навоийнинг фозил жамият ва адолатли давлатни шакллантиришга оид қарашлари ниҳоятда халқчиллиги, ноёблиги, маънавий қадриятлар ва шариат талабларига мослиги билан ажралиб туради.
Кўриниб турибдики, Алишер Навоий иккинчи Ренессанснинг энг буюк намояндаси бўлиши баробарида унга энг кўп ҳисса қўшган, юқори даражага кўтарган, унга гуманизм ғояларини сингдира олган, ўз давридаги тенги ва қиёси йўқ шоир, машҳур давлат арбоби, миллий маънавий қадриятларнинг илк асосчиси, халқ халоскори сифатида тарих зарварақларидан олтин ҳарфлар билан жой олди.
Ҳозирги янги Ўзбекистонни қуришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида Алишер Навоий меросига мурожаат қилишга зарурат туғилиши бор ҳақиқатдир. Унинг маънавий ва давлатчиликка оид меросини ўрганиш, уларни учинчи Ренессанс пойдеворини яратишнинг тамал тошларидан бири сифатида қабул қилиш энг долзарб вазифалардан бири.
Президентимиз 2020 йил 30 сентябрда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Алишер Навоий ва бошқа Ренессанс мутафаккирлари меросини ўрганиш вазифасини қўйиш баробарида қуйидаги фикрларни билдирганди: “Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди...
Тан олиш керакки, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган...
Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим”.
Кўриниб турибдики, Алишер Навоий илмий ва ижодий мероси битмас-туганмас уммондир. Бу уммондан халқимиз ва ёшларимизни чуқур баҳраманд қилолсак, мутафаккир ғояларини улар онгига тўла сингдиролсак, янги Ўзбекистон орзуси, албатта, янада тез рўёбга чиқажак.
Муқимжон Қирғизбоев,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган ёшлар мураббийси.