Янги Ўзбекистонда сайлов тизимини такомиллаштириш демократиянинг муҳим талабидир
Дунёнинг сиёсий саҳнасида йилдан-йилга шаффоф, адолатли ва инклюзив сайловларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Ушбу сақириқларни Ўзбекистон нафақат кузатмоқда, балки ўзининг сайлов манзарасини фаол равишда ўзгартирмоқда, янада жўшқин ва фаол демократияга замин яратмоқда.
Сайлов тизимининг ҳуқуқий асослари.
Мамлакатдаги сайловларнинг олий ҳуқуқий асоси бу Ўзбекистон Конституциясидир, у нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки демократик қадриятлар манифестидир.
Конституция ҳар бир фуқаронинг сайлов жараёнида иштирок этиш ҳуқуқини қатъий тасдиқлайди, ҳеч қандай асоссиз чекловлар ушбу асосий эркинликни бўғиб қўймаслигини таъминлайди. Хусусан, Конституциянинг 128-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканликлари, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши қатъий белгилаб қўйилган
Яна бир асосий ҳужжат 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси бўлиб, у Ўзбекистон демократик мафкурасининг ривожланиб бораётганидан далолат беради. Мазкур хужжат “Инсон манфаатлари — ҳар нарсадан устун!” деган ҳаётбахш демократик ғояни ўзида мужассам этган.
Унда инсон манфаатларининг устуворлиги, сайловчи ва номзодларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолатли ва эркин сайлов муҳитига йўл очиш алоҳида таъкидланган ва сайлов жароёнининг барча босқичлари тартибга солинган.
Сайлов тизимининг институционал асослари
Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим сиёсий жараёнлар - Президент сайлови, Олий Мажлисга сайлов, Маҳаллий кенгашларга сайлов, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш сайлов комиссиялари тизими томонидан амалга оширилади.
Сайлов комиссиялари тизимига Марказий сайлов комиссияси (МСК), ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари киради.
МСК нафақат сайловлар ташкилотчиси, балки демократик жараённинг қўриқчиси ҳамдир. Унинг аъзолари ҳар бир сайловлар эркин ва адолатли бўлишини таъминлаш учун тинимсиз меҳнат қилади.
Сайлов тизимининг модернизацияси: тарихий сакраш
2023 йилда Ўзбекистон сайлов қонунчилигида катта ўзгаришлар юз берда. Бу мамлакат тарихидаги катта ижобий бурилиш нуқтаси десак муболаға бўлмайди.
Хусусан, 2023 йил 18 декабрь куни Сайлов кодекси ва еттита қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар орқали мамлакатимизда парламент қуйи палатасини шакллантиришда аралаш сайлов тизими жорий этилди. Бу ўз навбатида, сайловларнинг мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтгазилишини англатади.
Аралаш сайлов тизими дегани, бу сайловнинг иккита, яъни мажоритар-пропорционал сайлов тизимларини уйғунлаштирган демократик сайлов усулини тушунсак бўлади.
Жорий йилнинг 27 октябрь санасида юртимизда бўлиб ўтган сайловларда илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзлари мақбул номзодларга овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим – сиёсий партияларга берилган овоз асосида сайланди.
Хорижий мамлакатлар тажрибасига назар соладиган бўлсак, кўплаб мамлакатлар, шу жумладан Жанубий Корея, Бельгия, Венгрия, Германия ва бошқаларда аралаш сайлов тизими амал қилади.
Иккинчидан, аввалги сайловларда қонунан 50+1 ёки ундан юқори овоз олган номзод депутатликка сайланарди ва кучли рақобатчилар орасида номзодларнинг бу натижага эришиши қийин кечарди. Оқибатда, ўз-ўзидан иккинчи тур сайловларини ўтказишга тўғри келарди. Битта сайлов округидан энг юқори овоз олган икки номзод учун яна бир сайлов ташкил этиларди. Бу эса, ортиқча вақт, сарф-харажатга, сайловчиларнинг оворагарчилигига олиб келар эди.
Шундай ҳолатларга барҳам бериш учун бу йилги сайловларда “нисбий кўпчилик овози” принципи қўлланилди. Унинг мазмуни шундаки, битта ўрин учун курашаётган бир нечта номзоддан нисбатан энг кўп овоз олган номзод сайланган ҳисобланади.
Учинчидан, сайлов тизимига рақамли технологиялар жорий этиш масаласи янада кенгайтирилди. “E-Saylov” тизими ишга туширилди. Натижада мурожаатларни кўриб чиқиш ва жавоб қайтариш электрон шаклда оператив амалга оширилди.
Бу тизимда 130 мингдан ортиқ сайлов комиссиялари аъзолари тўғрисидаги маълумотлар, 30 мингдан ортиқ депутатликка номзодлар ва уларнинг дастурлари, 70 мингга яқин маҳаллий ва халқаро кузатувчиларга оид маълумотлар, 1200-1300 атрофида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари маълумотлари жойлаштирилди.
Тўртинчидан, ўтган сайловда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг камида 30 фоизини хотин қизлар ташкил этиши ҳақидаги норма мавжуд бўлган. Бу йилга сайловда эса, ҳар бир мандатли сайлов округлари, ҳам сиёсий партиялар тақдим этадиган номзодларнинг рўйхатининг камида 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бунда рўйхатда ҳар бешта номзоднинг икки нафари хотин-қизлардан иборат бўлди.
Бешинчидан, янги таҳрирдаги Конституцияда Марказий сайлов комиссиясининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди. Унга кўра, Марказий сайлов комиссияси бутун бошли сайлов тизимига раҳбарлик қилиб, энди нафақат Қонунчилик палатаси сайловларига балки илк маротаба маҳаллий кенгашлар сайловларига ҳам масъул сифатида сайловларни ташкил этди.
Технологик тараққиёт: янги рақамли демократияни жорий этиш
Шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда, сайлов тизимини такомиллаштириш ва демократик принципларни янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
XXI аср-ахборот асрида сайловларнинг сифати ва шаффофлигини оширишнинг асосий йўналишлари ахборот технологиялари билан узвий боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Дунёдаги илғор давлатлар, жумладан, АҚШ, Британия, Ирландия, Швейцария ва Эстония каби мамлакатларда электрон овоз бериш амалиёти аллақачон жорий этилган. Улар тажрибасидан маълумки ахборот технологиялари сайлов жараёнларини тезлаштириш ва натижаларнинг аниқлигига эришишда муҳим восита сифатида хизмат қилмоқда.
Масалан, Эстонияда парламент ёки маҳаллий сайловларда Интернет орқали овоз бериш имконияти яратилган. Улар микрочипли ID-карталардан фойдаланган ҳолда махсус онлайн платформа орқали ўз овозларини беришади.
Шу нуқтаи назардан, миллий амалиётга онлайн овоз бериш механизмларини босқичма-босқич жорий этиб бориш лозим.
Шундай бўлса-да, бунинг натижасида катта масъулият ҳам келади. Онлайн овоз бериш тиризига ўтиш кибертаҳдидлардан ҳимояланиш заруратини келтириб чиқаради. Сайлов жараёнининг хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга, чунки ҳар қандай қоидабузарлик жамоатчиликнинг демократик тизимга бўлган ишончига путур етказиши мумкин.
Амирулло Тухлибоев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими